(3-Фасл)
_______
Фожир ва кофирнинг руҳи шиддат билан суғуриб олинади. Фаришталар унга хитобан: «Эй ҳабис (ифлос) бўлган руҳ! Ҳабис бўлган жасаддан чиқ!» дейишади. Шунда у ҳайвонга ўхшаб бўкиради. Азроил (а.с.) руҳни чиқариб олиб, уни ғоятда хунук, бадбашара, бошдан оёқ қора кийинган ва бадбўй ҳид таратувчи забонийлар (азоб фаришталари)га топширади. Фаришталарнинг қўлида эски гилам парчасига ўхшаш бўз бўлади. Улар руҳни шу бўзга ўрайдилар. Бу пайтда руҳ чигиртка катталигидаги инсон суратига киради. Бунинг сабаби кофирнинг танаси охиратда мўъминнинг жисмидан катта бўлади.
Ҳадиси шарифда айтилгандирки: «Жаҳаннамда кофирнинг битта қозиқ тиши Уҳуд тоғидек катта бўлади».
Жаброил (а.с.) бу ёмон руҳни кўтариб дунё самосига олиб чиқади.
Эшик олдидаги фаришталар: «Сен кимсан?» деб сўрашади.
«Мен Жаброилман». «Ёнингдаги ким?» «Фалончи ўғли фалончи», деб унинг барча ёмон, хунук ва дунёда ёқтирмаган сифатлар билан зикр қилади. «У учун осмон эшиклари очилмайди ва туя игнанинг тешигидан ўтмагунча, бундай кимсалар жаннатга киритилмайди», дейилади.
Жаброил (а.с.) бу сўзни эшитиб, у руҳни қўйиб юборади. Шамол уни узоқларга суриб кетади. Бу ҳолат Қуръони Каримда Ҳаж сурасининг 31-оятида шундай таърифланади:
«Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулагану уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган (кимса) кабидир».
У руҳ ерга тушгач, бир забоний уни тутиб сижжийнга олиб боради. Сижжийн ернинг остида ёки жаҳаннамнинг тубидаги тош бўлиб, кофир ва фосиқларнинг руҳлари ўша ерга олиб борилади.
Яҳудий ва насронийларнинг руҳлари Курсидан қабрига қайтариб юборилади. Агар улар ҳақиқий ўз динларида (бузилмаган яҳудийлик ва насронийлик) бўлсалар, ўз жасадларининг ювилаётганини кузатиб турадилар.
Мушрик, яъни эътиқодсиз кишилар ҳеч нарса кўра олмайди. Чунки у дунё осмонидан ҳақир қилиб қайтарилган.
Мунофиқларнинг руҳи худди иккинчи тоифа яъни, мушриклар каби Аллоҳ таолонинг қаҳрига учраган ҳолда қабрига қайтарилади.
Ибодатда хато (қусур) қилган мўъминларнинг ҳолати турлича бўлади. Баъзиларни ўқиган намози орқага қайтаради. Агар бирор киши намозини худди хўроз дон чўқигандек тез-тез ўқиса, намозидан ўғирлик қилган бўлади. Унинг намози билан юзига урилади.
Сўнгра намоз юқорига кўтариб: «Сен мени зое этганингдек, Аллоҳ таоло ҳам сени зое қилсин», дейди.
Баъзиларни закоти орқага қайтаради. Чунки ундай кишилар одамлар кўрсин дея, фалончи закотини беряпти, садақа қиляпти, дейишлари учун закотини беради. Ва кўпинча
аёлларнинг муҳаббатини қозониш учун закотларини уларга беришган. Биз бундайларни кўп кўрдик. Ҳалол нарсалар билан Аллоҳ таоло барчага офият берсин.
Баъзиларни рўзаси орқага қайтаради. Чунки у кимсалар ейиш-ичишдангина рўза тутган, аммо бекорчи сўзлардан, ғийбат ва гуноҳ қилишдан ўзини тиймагандир. Бундай рўза фаҳш ва хусрондир. Банда ана шу тарзда Рамазон ойини ўтказади. У зоҳиран рўза тутган, лекин рўзаси қабул қилинмайди.
Баъзи кишиларни қилган ҳажи орқага қайтаради. Чунки у риё учун ёки ҳаром мол билан ҳаж қилгандир.
Баъзиларни ота-онага оқ бўлиш каби оғир гуноҳлари орқага қайтаради.
Бу ҳолларни асрор оламидан хабари бўлганлар ва Аллоҳ розилиги учун илм ўрганган олимларгина биладилар.
Ҳозиргача биз англатган хусуслар тўғрисида Пайғамбаримиздан ﷺ ҳадислар ворид бўлган, саҳобалар ва тобеъинлардан хабарлар келган. Муоз ибн Жабалнинг (р.а.) ривоятида билдирилганидек, амалларнинг рад қилиниши ва бошқа хусусларда жуда кўп хабарлар келган. Мен бу масалани қисқароқ қилишни истадим. Агар қисқартирмаганимда бу китоб катта бўлиб кетарди. Аҳли суннат эътиқодида бўлганлар, яъни тўғри эътиқод ва иймонга соҳиб бўлганлар сўзларимизга ишонишади.
Руҳ жасадга қайтарилганида жасадни ювилаётган ҳолда топади ва боши узра ғусли битгунча қараб туради. Аллоҳ таоло ўзи истаган инсонларнинг кўзидан пардани кўтаради ва у кимса ўликнинг руҳини дунёдаги инсон сифатида кўради.
Бир зот ўғлининг жасадини юваётганда тепасида ўғлини кўрди. Қўрққанидан тескари қараб олди. Ўғлини кафанга ўраб бўлгунча шу ҳолатни кўрди. Кафанга ўралгач, руҳ жасадга қайтди. Тобутга қўяётганда руҳни кўрганлар ҳам бўлган. Бир неча солиҳ кишилардан ривоят қилинадики улар тобут ёнида эканлар: «Фалончи руҳ қаерда?» деган овоз эшитилди. Шунда кафаннинг кўкрак томони икки ёки уч марта қимирлади.
Робиʼ ибн Ҳайсамдан (р.а.) ривоят қилинадики, бир жасад юваётган кишининг қўлида қимирлади. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) замонларида бир ўлик тобут ичида гапириб, Абу Бакр (р.а.) ва Умар (р.а.)ларнинг фазилатларини зикр қилди.
Маййитларнинг бу ҳолларини кўрганлар фаришталар оламини сайр этган валийлардир. Аллоҳ қайси кимсанинг кўзи ва қулоғидан пардани кўтарса, ўша киши бу ҳолларни кўради ва билади.
Ўлик жасади кафанланган пайтда руҳ ташқаридан кўкрак томонга яқинлашади. Ана шу пайтда у бундай деб бақиради: «Мени Раббимнинг раҳматига тезроқ олиб боринглар. Агар менга эҳсон қилинган неъматларни билсайдингиз, мени тезроқ олиб борардингиз».
Агар ёмон одам бўлган бўлса дейдики: «Мени илоҳий азобдан бироз кечиктириб, секинроқ олиб боринг. Агар мени нима кутиб турганини билсайдингиз, мени кўтариб бормасдингиз».
Шунинг учун Пайғамбаримиз ﷺ бир жанозани кўрсалар, дарров ўрниларидан туриб, қирқ қадамча бирга юриб борардилар.
Саҳиҳ ҳадисда келгандирки: Пайғамбаримиз ﷺ ёнларидан бир жаноза ўтиб қолди. Ҳурмат учун Расулуллоҳ ﷺ оёққа турдилар. Саҳобалар (р.а.): «Эй Расулуллоҳ! Бу яҳудий жанозасику», дейишди. Шунда Расулуллоҳ ﷺ айтдиларки: «Нафс эмасми?!» (Яъни, инсон эмасми.) Расулуллоҳ ﷺ бундай қилишларининг сабаби у муборак зотга малаклар олами билдирилган, кўрсатилган. Шунинг учун бир жаноза кўрсалар, ҳаяжонда бўлардилар.
«Ҳалабий»да дейиладики, ёнидан (олдидан) жаноза ўтаётган киши ўлик учун оёққа турмаслиги лозим. Балки жанозани кўтариш ва орқасидан юриб бориш учун туриш керак.
Расулуллоҳ ﷺ жанозани кўрганларида туриб ва ўтиб кетгандан кейин ўтирганлар ва сиз ҳам шундай қилинг дея буюрганлар. Аммо кейинчалик бу буйруқни бекор қилган. «Мароқ-ул фалоҳ ва »Дуррул Мухтор«да ҳам жанозани кўрганда ҳурмат юзасидангина ўрнидан туришлик жоиз эмаслиги ёзилган.
Мурда қабрга қўйилиб, устига тупроқ тортилаётган пайтда қабр ўликка бундай дейди: «Менинг устимда фароғатда эдинг, энди остимда маҳзун бўласан. Менинг устимда таомлар ердинг, энди эса менинг остимда сени қуртлар ер». Қабр маййит кўмиб бўлингунча, унга шундай аччиқ сўзлар айтади.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: «Расулуллоҳдан ﷺ сўрадим: – Ё Расулуллоҳ! Инсон қабрга қўйилгандан кейин уни биринчи қаршилайдиган нарса нима? – Эй Ибн Масъуд! Буни сендан бошқа ҳеч ким сўрамади. Фақат сен сўрадинг. Инсон қабрга қўйилгандан кейин, Рўмон исмли бир фаришта қабрга кириб дейдики: «Эй Абдуллоҳ! Амалларингни ёз!»
У кимса дейдики: «Қандай ёзаман? На қоғозим бўлса, на қаламим».
Фаришта: «бу сўзинг қабул қилинмас. Сенинг кафанинг қоғозинг, тупугинг сиёҳингдир, бармоқларинг эса қаламингдир», дейди. Кейин фаришта унинг кафанидан бир парча йиртиб беради. У банда дунёда ёзишни билмаган бўлса ҳам, у ерда барча савоб ва гуноҳини худди бир кунда қилгандек бир пасда ёзиб беради.
Кейин фаришта шу ёзилган кафан парчасини ўликнинг бўйнига осиб қўяди.
Шундан кейин Пайғамбаримиз ﷺ Исро сурасининг 13-оятини ўқидилар:
«Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур) Ва биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир Китобни (яъни, Номаи аъмолини) чиқариб (кўрсатурмиз)».
Сўнгра қўрқинчли иккита фаришта келади. Кўринишлари инсон суратида бўлади. Юзлари қоп-қора бўлиб, тишлари билан ерни ёрадилар. Сочлари ергача тушиб туради. Сўзлари худди момақалдироқдек, кўзлари эса чақмоқдек бўлади. Нафаслари эса худди қаттиқ эсаётган шамолдек. Ҳар бирининг темир қамчиси бор. У қамчини барча инсонлару жинлар бир жойга тўплансалар ҳам кўтара олмайдилар. Тоғлардан ҳам катта ва оғир бўлади. Агар одамни бир марта урса, худо кўрсатмасин, парча-парча қилади. Руҳ уларни кўриб, дарров қочади. Ўликнинг бурнидан кўксига киради. Кўксидан юқори қисми тирилади. Ўладиган ўлим олди пайтидаги ҳолатига киради. Ҳаракат қила олмайди. Аммо ҳамма гапни эшитади ва кўради. Фаришталар уни қаттиқ саволга тутадилар, эзадилар. Тупроқ унга худди сувдек бўлиб қолади. Қачонки қимирласа, жой очилиб бўшлиқ ҳосил бўлади.
Бу икки фаришта: «Раббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким? Қибланг қаер?» деган саволларни беришади. Аллоҳ таоло кимни муваффақ қилса ва кимнинг қалбига ҳақ сўзни жойлаган бўлса, ўшагина: «Сизларни вакил қилиб менга ким юборган бўлса, Раббим Ўша. Менинг Раббим Аллоҳ, пайғамбарим Ҳазрати Муҳаммад ﷺ, диним Исломдир», деб жавоб беради.
Фаришталар дейдиларки: «Тўғри жавоб берди. Далилини келтирди. Биздан қутулди».
Кейин уни қабрининг тепасини гумбаздек кенг қилишади ва пастига хушбўй райҳонлар тўшашади. Унинг ўнг тарафидан иккита эшик очиб қўядилар. Унга жаннат қизлари келиб туради. Дунёда қилган гўзал амаллари энг яхши кўрган дўсти суратида келиб, кўнглини кўтаради ва яхши хабарлардан сўзлайди. Қабр нурга тўлади. Қиёмат келгунча ана шундай масрур ҳолда бўлади. Қиёматни жуда-жуда орзиқиб кутади.
Илми ва амали озроқ бўлган ва малакут асроридан хабари бўлмаган мўминларнинг даражаси бундан паст бўлади. Унинг ёнига Рўмондан кейин ғоят чиройли, хушбўй ҳидлар таратиб, гўзал кийинган амали келади. «Мени танийсанми?» деб сўрайди.
У эса: «Сен кимсанки, Аллоҳ таоло сени менинг олдимга шу ғариб ҳолимда юборди?» дейди. Шунда амали: «Мен сенинг солиҳ амалларингман. Қўрқма, маҳзун бўлма! Бироздан кейин Мункар ва Накир фаришталари келишади ва сени саволга тутадилар. Улардан асло қўрқма!» дейди.
Кейин амали унга фаришталарга нима деб жавоб бериш кераклигини ўргатади. Мункар ва Накир келади. Уни ўтирғизиб саволга тутишади: «Ман Раббука – Раббинг ким?» У олдин айтганимиздек: «Раббим Аллоҳ, пайғамбарим Ҳазрати Муҳаммад ﷺ, имомим Қуръони карим, қиблам Каъбаи шариф, бобом Иброҳим (а.с.). Унинг миллати менинг миллатимдир», деб жавоб беради. Унинг тили ҳеч ҳам тутилмайди.
Фаришталар: «Жуда тўғри айтдинг», деб олдинги фаришталар каби муомала қилишади. Аммо унинг чап томонидан жаҳаннамдан бир эшик очишади. Жаҳаннамнинг илону чаёнлари, кишанлари, заҳар-заққумлари, қайноқ (иссиқ) сувлари ва шунга ўхшаш азоблари унга кўрсатилади. У бундан қаттиқ таъсирланиб, доду фарёд қилади.
Унга: «Қўрқма, бу ернинг даҳшати сенга зарар бермайди. Бу ер сенинг дўзахдаги жойинг эди. Аммо Аллоҳ таоло бунинг ўрнига жаннатдан сенга жой берди. Ором ол, сен саидсан (бахтлисан)», дейишади. Кейин дўзах эшиклари ёпилади. Шундан кейин у уйқуга кетади ва ундан ҳеч нарса сўралмайди.
Баъзи кишиларни бу ҳолатда тили тутилади. Агар эътиқоди бузуқ бўлса, (аҳли суннатдан бўлмаса, бидъатчи бўлса), «Раббим Аллоҳ» дея олмайди. Бошқа сўзларни айта бошлайди. Шунда фаришталар уни бир урадилар, қабри оловга тўлади. Кейин олов бир неча кунгача сўниб туради. Кейин яна олов ҳосил бўлади. Ана шу ҳолат то қиёматгача давом этади.
Баъзи одамлар «Диним Исломдир» дея олмайдилар. Улар ё шубҳа узра вафот этганлар ва вафот этгунча бир фитна қурбони бўлишган. (Булар аҳли суннатдан бўлмаган кишиларнинг сўзларига ва китобларига алданганлардир.) Буни ҳам урадилар, қабри оловга тўлади.
Баъзи кишилар «Имомим Қуръондир» дея олмайдилар. Чунки улар Қуръон ўқирдилар, аммо ундан насиҳат олмасдилар, унинг амрларига амал қилмасдилар ва у қайтарган гуноҳлардан тийилмас эдилар. Улар ҳам юқоридагилар каби муомала кўрадилар.
Баъзиларнинг эса, амали қўрқинчли шакл олади. Ундайларни судраб қабрида гуноҳларига яраша азоблайдилар. Хабарларда ворид бўлганки: «Баъзи инсонларнинг амали хунут шаклига киради». Хунут деб чўчқа боласига айтилади.
Баъзилар: «Пайғамбарим Муҳаммад ﷺ» дея олмайдилар. Чунки улар дунёда суннати набавияни, исломнинг амрларини ва наҳийларини унутгандилар. Замоналарининг шароити ва модасига эргашгандилар. Болаларига Қуръонни ўргатмагандилар, Аллоҳнинг амрларини ва таъқиқларини ўрганмаган ва ўргатмагандилар.
Баъзилар: «Қиблам Каъба шарифдир» дея олмайдилар. Сабаби намоз ўқиш учун қиблага оз йўналганлар ёки таҳоратда хато қилганлар ёки намозда бошқа нарсаларни ўйлашган ёки рукуʼ ва саждада қусур этишган, таъдили арконга риоя қилмаганлар.
Сенга Пайғамбаримизнинг ﷺ қуйидаги ҳадиси шарифлари кифоя қилади: «Аллоҳ таоло бўйнида намозларидан қарзи бор кишининг ва ҳаромдан кийим кийган (ҳамда нажас кийим кийган) кишининг намозини қабул қилмайди».
(Бундан англашиладики, фарз намознинг қазосини ўқимаган кишиларнинг суннат ва нафл намозлари қабул бўлмайди.)
Баъзилар: «Иброҳим (а.с.) бобомдир» дея олмайди. Чунки дунёда Иброҳимни (а.с.) яҳудий ва насроний деб эшитган ва шубҳага тушганди. Бундай кишилар ҳам юқоридагиларнинг кўйига солинади.
«Қиёмат ва охират» китобидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев